«Самарқанддонмаҳсулотлари» АЖда ишлаб чиқариш технологиялари  тўғрисида қисқача

МАЪЛУМОТ

Корхона қурилиши 1963 йилда Куйбишев шаҳридаги лойиҳалаштириш институти томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа асосида бошланган. Корхонанинг умумий ер майдони 5,1 гектарни ташкил этади.

Асосий ишлаб чиқариш бинолари:

А) Элеватор

Б) Тегирмон

В) Омухта ем цехи

 ЭЛЕВАТОР

Элаватор биноси монолит бетонли минора шаклида 37,5 минг тонна сиғимга эга бўлиб, 1966 йилда ишга туширилган ва 10800 тонна темир сиғимларда дон сақлашга мўлжалланган 6 дона сиғим 1979 йилда қурилган.

Сақланаётган донларни ҳароратини аниқлаб берадиган «ДКТЭ-4» ускунаси мавжуд. Элеватор ва таҳлилхона ходимлари томонидан ҳар сменада доннинг ҳарорати текширилиб, кузатув дафтарларига натижалари қайд этиб келинмокда.

Ушбу йиллар давомида капитал таъмирлаш ишлари сифатли бажарилиб, аспирация тизимлари таъмирланди, баъзи эскирган дастгоҳ, ускуна ва эҳтиёт қисмлар иш давомида алмаштирилиб борилмокда. Аспирация тизимлари самарали ишлайди, санитар-гигиена тартиб қоидаларига ҳар сменада ва доимий амал қилиб борилади.

Донни қабул қилиб олиш, автоулов ва темирйўл орқали, сақлаш, тозалаш ва тегирмонга узатиш учун барча мосламалар (нория, шнек, транспортёр) мавжуд бўлиб, малакали мутахассислар томонидан ушбу вазифалар тез ва сифатли бажарилмоқда.

Элеваторда ишчи минора, 8-қаватда ва 128 дона дон сақлаш силослари мавжуд бўлиб, барчаси ишчи ҳолатда.

Барча бирламчи ўт ўчириш воситалари ва гидрантлар соз ҳолатда сақланмокда.

Элеватор бўлимига туманлардаги (Оқдарё, Пайариқ, Самарқанд, Нуробод) қишлок хўжалик корхоналари томонидан етиштирилган ғалла Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 25 майдаги 95-сонли «Дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотларни ҳисобини юритиш тизимини такомиллаштиришга, уларнинг сакланиши устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан давлат стандарт талабларига мос равишда  қабул қилиниб, сақланади ва ишлаб чиқаришга берилади.

 ТЕГИРМОН

 Тегирмон бўлими 1966 йилда қурилиб ишга туширилган, асосий ишлаб чиқариш бўлими ҳисобланган тегирмон суткасига 240 тонна буғдойни қайта ишлаш қувватига эга. Мавжуд  ускуналар эскирганлиги сабабли, 1989 йилда Швейцариянинг «Бюллер» фирмасининг лицензияси асосида Россия ҳамда Украина заводларида тайёрланган асбоб-ускуналар билан жиҳозланиб, реконструкция қилинган, суткасига 240 тонна буғдой қайта ишлаш қувватига эга, 75 фоиз чиқимли (выход) биринчи ва иккинчи навли ун маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Тегирмонга Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган дозатор ўрнатилган бўлиб, ун  маҳсулотини темир моддаси билан бойитиш мақсадида ҳар сменада беркитилган мутахассислар ва таҳлилхона ходимлари томонидан дозаторларни самарали ишлаши ва ишлаб чиқарилган ун маҳсулоти амалдаги стандартлар талабларига жавоб бериши текширилиб, натижалари махсус лаборатория дафтарларига қайд этиб келинмоқда. Аспирация, пневматика ва вентиляция тизимлари самарали ишламоқда.

Тегирмонга қабул қилинадиган дон элеваторнинг 7 қаватида жойлашган 5 тонналик тарози орқали ўлчаниб ўтказилади.

Доннинг сифати бўйича тегирмон кондицияси талабига жавоб бериши керак, яъни ранги, мазаси ва ҳиди меъёрида бўлиши керак. Ифлослиги 1% дан, намлиги 13,5% дан ошмаслиги керак. Клейковина миқдори 25% дан кам бўлмаслиги керак.

Тегирмоннинг дон тозалаш бўлимида донни тозалаш ва намлаш учун барча керакли асбоб-ускуналар мавжуд бўлиб, ҳозирги кунда самарали ишламоқда.

Келгусида тегирмон цехини модернизация ва техник қайта жиҳозлаш учун янги замонавий технологик ускуналарни олиб келиб ўрнатиш ишлари режалаштирилмоқда.

ОМУХТА-ЕМ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЦЕХИ

Корхонада 1976 йилда бошланиб, 1979 йилда омухта ем цехи қуриб ишга туширилган ва 1986 йилда охирги техник жиҳозлаш ишлари амалга оширилган, ҳар ойда  таъмирлаш ишлари ўтказилиб келинмоқда.

Ҳозирги кунда бир суткалик омухта-ем ишлаб чиқариш қуввати 97,0 тоннани ташкил этади.

Омухта-ем ишлаб чиқариш цехининг технологик ускуналари эскирганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 15 декабрдаги ПК-1442-сонли қарори ҳамда «Ўздонмаҳсулот» АКнинг 2011 йил 15 январдаги №1/3-3-сонли йиғилиш баёномасига асосан «Самарқанддонмаҳсулотлари» АЖда бир суткалик қуввати 100 тонналик омухта-ем цехини модернизация ва техник қайта жиҳозлаш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга оширилиши белгиланган. Лойиҳани амалга ошириш бўйича Украинанинг ПАО Могилёв-Подольский машинаостроительный заводи билан шартнома тузилган, технологик асбоб ускуналарни олиб келиб ўрнатиш чоралари кўрилмокда.

Menyu